Кўкрак бези саратони ҳақида ҳар бир аёл билиши керак бўлган 5 нарса

Муаллиф: ЎЗБЕКИСТОН ТАБОБАТ АКАДЕМИЯСИ АЪЗОСИ ШИФОКОР ВА ТАБИБ БЕҲЗОД БОТИРОВИЧ ЭГАМОВ 28.07.2019 06:31
Кўкрак бези саратони ҳақида ҳар бир аёл билиши керак бўлган 5 нарса

Кўкрак бези саратони ҳақида ҳар бир аёл билиши керак бўлган 5 нарса

март 26, 2018
Кўкрак маммограммаси: соғлом кўкрак (чапда) ва саратонга салинган кўкрак.

Кўкрак маммограммаси: соғлом кўкрак (чапда) ва саратонга салинган кўкрак.

Кўкрак бези саратони ривожланган давлатларда ўрта ёшли аёллар ўртасидаги ўлимнинг асосий сабабларидан биридир. Америка саратон жамияти маълумотларига кўра, АҚШда йилига 40 минг аёл ушбу касаллик туфайли вафот этади.

Аммо даволаш ва касалликни эрта аниқлашда эришилган ютуқлар туфайли борган сари кўпроқ кўкрак бези саратонига чалинган аёл умри сақлаб қолинмоқда. АҚШда ушбу касалликни енгиб ўтган аёллар сони 3 миллиондан ошди.

Қуйида Йель саратон марказининг кўкрак бези саратони бўйича мутахассиси ҳамда Глобал онкология бўлими директори ўринбосари Анис Чагпарнинг ушбу касалликнинг олдини олиш ва ўз вақтида даволаш бўйича берган маслаҳатлари билан танишишингиз мумкин.

Хавф омиллари

Кўкрак бези саратонига чалиниш эҳтимолига таъсир қилувчи икки асосий омил жинс ва ёшдир. Бундан ташқари, оила аъзолари орасида ушбу касалликка чалинганларнинг борлиги ҳамда BRCA1 ва BRCA2 каби генлардаги мутациялар кўкрак бези саратонига олиб келиши мумкин.

- Кўкрак безига олиб келувчи ушбу хавф омилларини ўзгартириб бўлмайди. Аммо, сиз бошқара олишингиз мумкин бўлган бошқа омиллар ҳам бор. Булар семиришнинг олдини олиш, жисмоний машқ қилиш ҳамда спиртли ичимлик исътемол қилишни чеклашдир, - дейди доктор Чагпар.

Огоҳлантирувчи белгилар

Кўкрак бези саратони белгилари ҳаммада ҳар хил бўлиши мумкин. Одатда касалликнинг илк этапларида унинг белгиларини маммограммасиз аниқлаб бўлмайди.

Аммо айрим белгилар шифокорга кўриниш зарурлигидан дарак беради. Кўкрак ёки қўлтиқ остида шишлар мавжудлиги, кўкрак ёки кўкрак учининг шакли, ранги ёки тузилишининг ўзгариши, кўкрак учидан қон ёки суюқлик ажралиши касалликнинг асосий белгиларидандир. Доктор Чагпарнинг айтишича, кўкрак бези саратони кўп ҳолларда ҳеч қандай оғриққа сабаб бўлмайди, баъзан эса оғрийдиган шишлар безиён бўлади.

Маммограмма жуда муҳим

Маммограмма кўкрак бези саратонини эрта аниқлаш имконини беради. Аммо профессионал ташкилотлар қачон ва неча марта маммограмма қилиш кераклиги ҳақида турли маслаҳат беради. Шундай бўлса-да, деярли барча мутахассислар 50 ёшдан ўтган аёлларга камида икки йилда бир марта маммограмма қилишни тавсия қилади.

Янги изланишлар умид бағишлайди

Дунё бўйлаб олимлар кўкрак бези саратони олдини олиш, уни аниқлаш ва даволашни яхшилаш устида тинмай ишламоқда. Кейинги ўн йилда эришилган ютуқлар беморлар учун кўпроқ даволаш услубларини яратди.

- Йель саратон марказидагидек олимлар кўкрак бези учун янги даволаш услубларини яратиш устида ишламоқда, - дейди Чагпар.

Кўкрак бези саратони фақат аёлларда учрамайди

Кўкрак бези саратонига асосан аёллар чалинса-да, эркакларда ҳам бу касаллик учраб туради. Эркаклар эрта даволанса, бутунлай соғайиб кетиши мумкин. Аммо аксар эркак ўз вақтида шифокорга мурожаат қилмайди.

Доктор Чагпар:

- Кўкрак саратони ҳолатларининг 1 фоизи эркакларга тўғри келишини утунмаслик керак. Эркаклар маммограмма қилдирмайди, шунинг учун уларда кўкрак шиши ёки қон каби суюқлик ажралиши кузатилса, буни текширтиришлари керак, - дея сўзини якунлади.